Мазкур учрашув ҳар иккала жамоа учун ҳам муҳим аҳамиятга эга эканлиги ҳақида ортиқча тўхталишга ҳожат бўлмаса керак. Шундоқ ҳам учрашувнинг қадри жуда баланд эди. Айниқса, биз учун. Чунки, японлар омадсизликка учрашса, ўз хатоларини тузатиш имкониятига эга бўлишарди. Бизда эса афсуски, бундай имконият йўқ. Лекин 6 июнь куни «Пахтакор» марказий стадионида бўлиб ўтган учрашув биз каби япониялик мухлисларда катта қизиқиш уйғотди. Буни севимли жамоасини қўллаб-қувватлаш учун нақд 2000 нафар Япония фуқаросининг юртимизга ташриф буюрганидан ҳам билиш қийин эмас. Яна чипта муаммоси Эътиборлиси, японлар учрашув давомида ўз терма жамоаларини шу қадар бирдамлик билан қўллаб-қувватлашдики, бу ҳам якунда кунчиқар юрт футболчиларининг ғалаба қозонишларида муҳим омиллардан бирига айланди дейишга асослар етарли. Ўзбекистонлик ишқибозларни ҳам учрашувга бефарқ қарашди, деб бўлмайди. Агар шундай бўлганида, «Пахтакор» марказий стадиони томошабинлар билан тўлмаган, учрашув учун чиқарилган чипталарнинг нархи эса икки бараварга ошиб кетмаган бўларди. ЎФФ Ўзбекистон ва Япония терма жамоалари ўртасидаги учрашув чипталари нархини 3000 (уч минг) ва 5000 (беш минг) сўм қилиб белгилаган эди. Аммо чипталар сотувга чиқарилган куниёқ қўлда 7-8 минг сўмга чиқиб кетди. Қувонарлиси, халқ стадионга қайтмоқда. Энди олдингидек халқаро учрашувларга томошабинни мажбуран олиб келишга зарурат қолмади. Миллий терма жамоамиз ўйинларига мухлислар «оқиб» келишмоқда. Айниқса, Осиё грандларига қарши кечадиган учрашувлар ишқибозларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Зеро, футбол мухлислар учун ва у улар билан гўзал. Бироқ бундан ўз мақсади йўлида фойдаланиш яхшимикан? Аҳвол шу тариқа давом этаверса, ишқибоз футболдан безиб қолмайдими? Боз устига, фалон пулга чипта олиб кирганига яраша, севимли жамоаси ғалаба қозонса ҳам кошкийди... Наҳотки, бу ҳолат тегишли идораларни ташвишга солмаётган бўлса? Тезкор гол умидларни барбод єилди Учрашув терма жамоамиз ҳужумлари билан бошланди. Аммо рақиб ҳимояда ишончли ҳаракат қилди ва дастлабки дақиқаларда ўз дарвозаси томон зарба йўллашга имкон бермади. 5-дақиқада Жепаровнинг чамаси 30 метрлардан жарима майдони ичига етказиб берган тўпини ҳимоячилар қайтаришди. Уни Кападзе эгаллаб олди. Бироқ японлар тажрибали футболчимизнинг зарба беришига йўл қўйишмади. Стадионни тўлдириб ўтирган мухлислар аста-секин вакилларимизни руҳлантириш мақсадида тўлқин ҳосил қилишаётган паллада рақиб жамоа тезкор қарши ҳужум уюштириб, ҳисобни очди. Ушбу вазиятда Ҳамза Каримов хавфни бартараф этганди, гўё. У тўпни жарима майдонидан узоқлаштирди. Лекин, тўп тўғри Шунсуке Накамурага бориб тушди ва у бир ҳаракатда Шинжи Оказакини дарвозабон билан бирга-бир вазиятга олиб чиқди. Унинг дастлабки зарбасини Нестеров бартараф этди ва жон-жаҳди билан олдинга ташланган Оказаки йиқилаётиб такрорий зарбани беришга улгурди. Бу сафар Игнатий ҳам жамоамиз жонига оро киролмади. Ушбу гол вакилларимизни саросимага солиб қўйди ва уларнинг ҳаракатлари парокандалик кўзга ташлана бошланди. 12-дақиқада меҳмонлар чамаси 20 метрлар узоқликдан жарима зарбаси тепиш ҳуқуқини қўлга киритишди. Ясухито Эндо жаримани ажойиб тарзда амалга оширди. У дарвозанинг яқин бурчагини нишонга олган эди. Нестеров ҳам тўпга бироз кеч қолганди. Бахтимизга тўп дарвоза устунидан қайтди. Уни яна ўша Оказаки дарвозага тўғрилаб қўйди. Фақат, бу пайтда қанот ҳаками байроқчасини кўтариб улгурганди. Шу дақиқанинг ўзида вакилларимиз тезкор қарши ҳужум ташкил этишди. Фарҳод Тожиев тўпни Гейнрих томон оширди. Афсуски, ҳимоячилар ундан устун чиқишди. Бироздан сўнг Шунсуке Накамуранинг узоқ масофадан йўллаган зарбасини дарвозабон катта қийинчилик билан бартараф этди. 24-дақиқада Нагатомо дарвозанинг узоқ бурчагини нишонга олишга уриниб кўрди. Биринчи бўлим ўрталарига бориб, вакилларимиз ўзларини қўлга олишди ва энди улар ҳам рақиблар дарвозасига таҳдид солишга киришиб кетишди. 26-дақиқада Гейнрих жарима майдонига ошириб берган тўпни қайтаришда ҳимоячилар хатога йўл қўйишди. Бироқ тўп дарвоза устуни ёнгинасидан ўтиб кетди. Бироздан кейин Аҳмедовнинг 20 метрлардан йўллаган зарбаси ҳам ноаниқ чиқди. Биринчи бўлим охирларида терма жамоамиз аъзолари бир нечта қулай вазиятларга эга бўлишди. Аввалига Гейнрихнинг узоқ масофадан йўллаган зарбасига бироз аниқлик етишмади. Кейин Суюновнинг зарбасини дарвозабон ушлаб қолди. 44-дақиқада вакилларимиз вазиятни тенглаштириш учун қулай имкониятга эга бўлишди. Кападзе - Жепаров - Гейнрих - Тожиев комбинациясини Темур муваффақиятли якунлаши мумкин эди. Бироқ ҳимоячилар унга зарба бериш учун асло имкон қолдиришмади. Иккинчи бўлимда вакилларимиз тўпни кўпроқ назорат қилиб туришди. Шунга қарамай, хавфли вазиятлар яратишда меҳмонлар ҳам бўш келишгани йўқ. Уларнинг ҳар бир ҳужумлари хавфли кўриниш ҳосил қилди. 46-дақиқада Кенго Накамуранинг жарима майдони томон оширган тўпини Нестеров қайтаришда хатога йўл қўйди. 54-дақиқада Кападзе Гейнрихни дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқарганди, у эса ҳимоячидан қочиб кетолмади. Оқибатда зарба беришга кеч қолди. Меҳмонлар бунга тезкор қарши ҳужум билан жавоб қайтаришди. 64-дақиқада Оказакининг кучли зарбаси дарвозабон учун етарлича қийинчилик туғдирди. Ўйин охирларида вакилларимиз катта куч билан олдинга ташланишди. 79-дақиқада Жепаров бурчакдан дарвозани ишғол этишга уриниб кўрди. Унинг зарбасидан сўнг тўп дарвоза тўсинига тегиб, майдонга қайтди. 87-дақиқада захирадан майдонга тушган Шаҳбоз Эркинов ҳам қулай вазиятдан фойдалана олмади. Бироздан сўнг Тўхтахўжаевнинг чамаси 20 метрлар масофадан йўллаган зарбаси йўлига дарвоза тўсини ғов бўлди. Афсуски, ҳужумчиларимиз буни кутишмаганди.Ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда Жепаров ҳам қулай имкониятни бой берди. Шу тариқа Япония муҳим ғалабага эришиб, мундиал йўлланмасини қўлга киритди. Ҳамма гап тайёргарликда...ми? Япония термаси гарчи бир оёғи билан ЖАРда турган бўлса-да, Такеши Окада Ўзбекистон терма жамоаси билан ўйинга жиддий эътибор қаратди. Аввало, жамоа «Kирин кубоги» турнирида Бельгия ва Чили сингари жамоаларни бир хил - 4:0 ҳисобида мағлуб этди ва Тошкентга кўтаринки кайфиятда етиб келди. Юртимизга эса жамоа ўйиндан тўрт кун илгари ташриф буюрди. Таркибга айни пайтда яхши спорт формасида бўлган футболчилар жалб қилинди. Ушбу далилларнинг барчаси Япония мундиал масаласини пайсалга солмасдан, Тошкентдаёқ ҳал қилишга жиддий эътибор қаратаётганидан дарак берарди. Вакилларимиз бўлажак ўйинга тайёргарлик жараёнини анча барвақт бошлашди. 26-27 май кунлари «Нефтчи», «Бунёдкор» ва «Пахтакор» Осиё кубокларидаги ўз учрашувларини ўтказиб бўлишгач, барча футболчилар терма жамоа ихтиёрида жам бўлишди. 1 июнь куни Қосимов шогирдлари «Пахтакор» марказий стадионида сўнгги пайтларда бутун Европани ҳайратга солаётган Босния ва Герцеговина терма жамоаси билан ўртоқлик учрашувида куч синашишди. Афсуски, Мирослав Блажевич Тошкентга деярли иккинчи таркибини олиб келди. Ушбу терма жамоа ўйинини белгилаб берадиган Жеко, Мисимович, Рахимич каби етакчилар бу ўйинда иштирок этишмади. Учрашув ҳам ўртоқлик мақомига муносиб тарзда 0:0 ҳисоби билан тугади. Шу куни терма жамоамиз мураббийлари йиғинга жалб қилинган футболчиларни яна бир бора кўздан кечиришди. Ўйинда жамоамиз ҳужум чизиғида муаммолар борлиги кўзга ташланди шекилли, таркибга тажрибали Гейнрих ҳам қўшилди. Сиртдан қараганда бош жамоамиз тайёргарликни режа асосида олиб борганди. Бироқ Босния ва Герцеговинага қарши ўйин термамизнинг ҳақиқий кучини кўриб олиш имконини бермади. Рақиб мутлақо ёпиқ ўйин намойиш қилди ва унинг мустаҳкам ҳимоя чизиғини ёриб ўтиш ўзбекистонлик футболчиларнинг қўлларидан келмади. Қолаверса, бир қатор етакчи ўйинчилар жароҳат олишгани ёки дисквалификация туфайли учрашувни ўтказиб юборишлари ҳам жамоани сезиларли даражада заифлаштирди. Магдеев ва Иномовларни сафдан чиқишлари терма жамоамизнинг ўнг қанотини деярли «чўлоқ« қилиб қўйди. Камига Ғофуров ҳам дисквалификация туфайли ушбу ўйинда жамоамизга ёрдам беролмаслиги анча олдин маълум бўлганди. Машғулотларда мураббийлар штаби йўқотишлар ўрнини тўлдириш мақсадида турли вариантларни синаб кўрган бўлсаларда, барибир ўнг қанот муаммоси ҳал бўлмай қолди ва Японияга қарши ўйинда мазкур қанот деярли самара бермади. Демак, жамоамизнинг машғулотлари, яъни тайёргарлиги кўнгилдагидек ўтмади дейишга асослар етарли. Ахир бир ҳафтадан кўпроқ вақт давомида мураббийлар бу қанотни кучайтириш чораларини кўришлари керак эмасмиди? Қолаверса, қанотларни кучайтириш, ўз имконияти даражасида ўйнолмаган Ж.Ҳасановни алмаштириш (Ш.Каримов ёки С.Андреевни тушириш) ўрнига ҳимояни «мустаҳкамлангани» (И.Суюнов ўрнига С.Жўраевни туширилгани)га тушунолмадик. Ваҳоланки, захирадан тушган ҳар уч футболчи ҳам ўйин суръатига ижобий таъсир кўрсата олмагани ачинарли ҳол бўлди... Нажот кимдан? Терма жамоамиз саралаш босқичидаги энг муҳим ўйинлардан бирида имкониятни бой берди.Натижада вакилларимизнинг ЖАРга бориш имкониятлари деярли йўққа чиқди. Аммо энг ажабланарлиси, бизда ҳали ҳам имконият бор. Бунинг учун аввало, Австралия ўз майдонида Баҳрайнни енгиши, кейин миллий терма жамоамиз ноқулай рақиблардан бири Баҳрайнни Манамада мағлуб этиши лозим бўлади. Ўшанда Қосимов шогирдларида яримта йўлланмани бутунга айлантириш имконияти анча ортади. Тўғри, бунинг учун Қатар ҳам Японияда ютмаслиги лозим. Шундай тақдирда қарабсизки, мухлислар яна ширин эртаклар оғушига ғарқ бўлади. Дастлаб, «плей-офф» босқичида «В» гуруҳининг учинчи жамоасини енгиш, сўнгра Янги Зеландия тўсиғидан ўтиб олиш деганларидек... Бунинг учун аввало, биз 10 июнни кутишимизга тўғри келади. Чунки шу куни Пим Вербек шогирдлари ўз майдонларида Баҳрайнни қабул қилишади. Яшил қитъа вакиллари аллақачон мундиал йўлланмасини нақд қилиб қўйишган. Шундай бўлсада, жамоа мухлислари қаршисида хижолат бўлиб қолмасликка ҳаракат қилишидан умид бор. Ўшанда хайрли бошланган эртак (терма жамоамизнинг ЖЧ-2010 саралаш баҳсларини Хитой Тайпейига қарши ўйин билан бошлаб, йирик ҳисобда ғалаба қозонган назарда тутилмоқда, - муал.) яхшилик билан интиҳо топишидан умид қилсак бўлади. Хуллас, буёғига умид ҳам, нажот ҳам фақат ОЛЛОҲдан. Қалам аҳли эса яна ғолиб... Ажабланишингиз мумкиндир, футболчи қалам аҳли ёки содда қилиб айтганда, журналистдан нимани ўрганади, деб. Нимани бўларди, албатта, футбол ўйнашнида. Масалага ойдинлик киритадиган бўлсак, Ўзбекистон ҳамда Япония терма жамоалари учрашувини ёритиш учун юртимизга кўпсонли япон журналистлари ҳам қадам ранжида қилишди. ЎФФ матбуот хизмати вакилларининг саъй-ҳаракатлари натижасида 5 июнь куни Мирзо Улуғбек туманидаги «Динамо» стадионида икки давлат журналистлари иштирокида ўртоқлик учрашуви ташкил этилди. Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган спорт журналистлари рақиблари устидан йирик - 5:1 ҳисоби билан зафар қучишди. Аслида ҳисоб бундан ҳам йирик кўриниш ҳосил қилиши мумкин эди, бироқ журналистларимиз япониялик ҳамкасбларини бироз аяшди. Таъкидлаш жоизки, бу Ўзбекистон ва Япония журналистлари ўртасидаги иккинчи ўртоқлик учрашуви бўлиб, дастлабки ўйин бундан 12 йил муқаддам ЖЧ-1998 саралаш ўйинлари «доирасида» ўтказилганди. Ўшанда ҳам Ўзбекистон ва Япония терма жамоалари битта гуруҳдан жой олишган ҳамда Тошкентдаги учрашувга кунчиқар юртдан кўпсонли журналистлар келишганди. Эътиборлиси, ўшанда ҳам омад вакилларимизга кулиб боққанди. Афсуски, ҳақиқий баҳсда... 6 июнь ЎЗБЕКИСТОН-ЯПОНИЯ-0:1 (0:1) Тошкент. «Пахтакор» марказий стадиони. 34000 томошабин. Ҳакамлар: Муҳсин Басма, Тамам Ҳамдун, Ҳамди Алкадри, Абдулраҳмон Рачо (Сурия). Гол: Шинжи Оказаки (9). Ўзбекистон: Игнатий Нестеров, Илҳом Суюнов (Саҳоб Жўраев, 83), Анзур Исмоилов, Ҳамза Каримов, Ислом Тўхтахўжаев, Темур Кападзе, Жасур Ҳасанов, Одил Аҳмедов, Сервер Жепаров, Александр Гейнрих (Шаҳбоз Эркинов, 75), Фарҳод Тожиев (Анвар Солиев, 61). Япония: Сейго Наразаки, Южи Наказава, Юичи Комано, Тулио Танака, Юто Нагатомо, Ясухито Эндо, Кенго Накамура (Кейсуке Хонда, 66), Макото Хасебе, Шунсуке Накамура (Юки Абэ, 90), Йошито Окубо (Кишо Яно, 69), Шинжи Оказаки. Огоҳлантиришлар: Александр Гейнрих (75) - Шунсуке Накамура (32), Юто Нагатомо (37), Ясухито Эндо (59). Четлатиш: Макото Хасебе (89,Я). Учрашув комиссари: Манирул Ислом (Бангладеш). Инспектор: В.Колпаков (Қирғизистон). 6 июнь Қатар-Австралия-0:0 Ҳакам: Абдул Малик Башир (Сингапур). Қатар: Қосим Бурҳон, Ҳамид Шахи Зоҳир, Билол Ражаб, Мисад ал Ҳамад, Али Яҳё (Ҳусайн Абдулраҳмон, 77), Муҳаммад ал Язди, Мажид Ҳасан (Юсуф Али, 83), Иброҳим Абдулмажид, Мажид Ҳасан, Аҳмад ал Фарис (Мажди Сиддиқ, 62), Себастьян Куинтана. Австралия: Шварцер, Нилл, Кейхилл (Уилкшир, 90}3), Кулина, Койн, Кеннеди, Кьюэлл, Чипперфильд, Грелла (Гарсия, 73), Валери, Брешиано (Холманн, 77). Жамоалар Ў Ю Д М Т-Н О 1 Австралия 6 4 2 0 8- 0 14 2 Япония 6 4 2 0 9-3 14 3 Баҳрайн 6 2 1 3 5-6 7 4 Қатар 7 1 2 4 4-13 5 5 Ўзбекистон 7 1 1 5 5-8 4 9-тур. 10 июнь (чоршанба) ЯПОНИЯ-ҚАТАР АВСТРАЛИЯ-БАҲРАЙН Мулоҳаза
Манба:
|