Япония Тошкентда мундиал йўланмасини қўлга киритган бўлса, гуруҳимизнинг бошқа бир вакили Австралия бундай бахтга Дохада сазовор бўлди. Пим Вербек шогирдлари шанба оқшомида Қатар терма жамоаси билан 0:0 ҳисобида дуранг ўйнагач, гуруҳимиздаги иккинчи “чипта” “яшил қитъа” вакилларига насиб этди. Айтиш жоизки, мазкур баҳсда дуранг натижа ҳам “соккерузлар”ни қониқтирарди. Буни яхши ҳис этган меҳмонлар ўз имкониятларидан унумли фойдаландилар.
Бу ерда меҳмонлар фақат дуранг натижа учун курашдилар дейиш ноўрин. Негаки, австралияликлар бутун ўйин давомида бир нечта қўлай вазиятларга эга бўлишганди. Аммо ушбу имкониятлардан Вербек шогирдлари унумли фойдалана олишмади. Гарри Кьюэллнинг ўзида бир неча бор дарвозани ишғол этиш учун яхши имкониятлар юзага келтирди. Айтиш лозимки, шу куни мезбонлар посбони Бурҳони ажойиб ўйин намойиш этди. Бу ерда яна бир қизиқ ҳолат эътиборимизни тортди. Бруно Метсю Қатар терма жамоасини қабул қилиб олганидан бери ушбу юрт вакиллари гол кирита олишмаяпти. Охирги марта қатарликлар 2008 йилнинг 10 сентябрида Баҳрайн дарвозасини ишғол этишганди. Мана орадан, шунча вақт ўтган бўлса-да, қатарлик футболчиларга гол киритиш насиб этмаяпти. Австралия эса саралаш босқичининг ушбу раундида ўз дарвозасидан гол ўтказиб юбормаган ягона жамоа саналади.
Қатар- Австралия 0:0
Манба:
Бўлимлар: Осиё футболи
| Ўқилди: 893 | Жойлади: said
|| Бахоланган: 0.0/0 |