2010 йилги Жаҳон чемпионати саралаш босқичи доирасидан ўрин олган Ўзбекистон ва Япония терма жамоалари учрашуви олдидан “Интерконтинентал” меҳмонхонасида матбуот анжумани ўтказилди.
Журналистлар саволларига биринчи бўлиб жавоб қайтарган Япония терма жамоаси устози Такеши Окада Ўзбекистон термасини ҳурмат қилишини, лекин айнан ушбу ўйин орқали улар мундиал масаласини хал қилишни кўзлаётганини айтди.
“Биз Ўзбекистонга келгач, тўртта машғулот ўтказдик ва олдинда яна бир сўнгги машғулот турибди. Умуман, Ўзбекистон билан бўладиган ўйинга жуда ҳам жиддий ёндошяпмиз ва шунга яраша тайёрланяпмиз. Лекин гуруҳимизда икки йўлланма ўз эгасини топиб бўлган деган фикрга қўшилмайман. Чунки биз ҳали мундиал йўлланмасини расмийлаштирмадик ва 2-ўриндан маҳрум бўлишимиз ҳам мумкин. Мен учун Ўзбекистонга ютказсак, олдинда яна иккита учрашув бор, вазиятни ўнглаш мумкин, деган фикр йўқ. Биз барча масалани Ўзбекистонга қарши кечадиган баҳсда хал қилиш мақсадида ташриф буюрганмиз. Шу боис, ҳали Жаҳон чемпионати ҳақида ўйлашга бироз эрта. Қолганини вақт ва ўйин кўрсатади”.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Япония терма жамоалари ўртасидаги учрашув 6 июн куни “Пахтакор” марказий стадионида соат 19:05 да бошланади. Манба: www.fanat.uz