Чорак финалдаги ягона учрашувда “Шўртан”ни минимал ҳисобда енгиб, “қалдирғочлар” мамлакат кубогида ярим финалга ўтган дастлабки жамоага айланишди.
Маълумки, Ўзбекистон кубогининг ярим финалдан бошқа барча босқичлари бу йилдан фақат битта учрашувдан иборат бўлмоқда. Ва қуръа натижаларига кўра, “Бунёдкор” – “Шўртан” баҳсида мезбонлик қилиш тошкентликларга насиб этганди. Бу ўйин билан “қалдирғочлар” қаторасига иккинчи марта бир хил вазиятга тушишди. Улар агар 27 май куни Осиё Чемпионлар лигасининг 1/8 финалида битта баҳсдан иборат тўқнашувда Теҳронда “Пирузи”ни енгган бўлсалар, бу гал 1/4 финалнинг ягона беллашувида “Шўртан”дан устун келишди.
Фаворит сифатида, мезбонлар ўйин бошиданоқ олдинга ўтишди. Натижада, ҳисобни очиш учун уларга айтарли кўп вақт керак бўлмади. 16-дақиқада ўнг қанот бўйлаб ўтиб борган Виктор Карпенко, тўпни чилилик Хосе-Луис Вильянуэвага узатди. Ҳужумчининг яқин масофадан зарбасини қайтариш бу вазиятда “Шўртан” посбони Дилмурод Тошматовга қийин эди. Яна ўн дақиқа ўтиб, пас узатувчи ролини энди Вильянуэванинг ўзи бажарди. Ундан келган тўпни жароҳат олганидан сўнг шифокорлар томонидан ажойиб қиёфага киритиб қўйилган Шавкат Саломов бемалол дарвозага йўллади – 2:0.
Иккита гол “Бунёдкор” футболчиларини анча ҳотиржам қилиб қўйди шекилли, улар ўйинга бўлган диққат-эътиборни йўқота бошладилар. Ташаббус секин-аста ғузорликлар қўлига ўтиб борарди. Бунинг мантиқий кўриниши – жамоанинг туркманистонлик легионери Артур Геворкяннинг голи бўлди. У рақиб жарима майдонига кириб келиб, чамаси 13-14 метрлардан Бугало қўриқлаётган дарвозанинг пастки чап бурчагини аниқ нишонга олди.
Иккинчи бўлимда “Бунёдкор” кўплаб имкониятларга эга бўлди. Бироқ уларни самарали якунлаш мезбонларнинг ҳеч қайси вакилига насиб этмади. Гарчи 2-бўлимни “Шўртан” тошкентликлардан яхшироқ ўтказган бўлса-да, қашқадарёликларга тажриба етишмаганидан, улар учрашувни қўшимча вақтга ўтказа олмадилар.
Миллий терма жамоамиз ҳамда етакчи клубларимизнинг қитъа миқёсидаги турнирлардаги қатнашувлари туфайли, Ўзбекистон кубогининг тақвими ўз тартибини йўқотган. Шунинг учун ярим финалга йўл оладиган иккинчи жамоани биз 16 июнь куни билиб оламиз. Шу куни “Насаф” Қаршида “Хоразм”ни қабул қилади. Айнан ушбу жуфтлик ғолиби 1/2 финалда “Бунёдкор”га тўғри келади. “Қалдирғочлар” биринчи ўйинни сафарда ўтказишади.