Ушбу учрашувга ҳар икки хил кайфиятда кириб келди, десак муболаға бўлмайди. Мавсумни анча сўст бошлаган ва анча танқидлар остида қолган фарғоналиклар охирги пайтда мазмунли ўйин намойиш этиб мухлисларга қувонч улашиб келаётган бўлса, чемпионатни яхши старт билан бошлаган қаршиликлар ўйинидан бироз орқага кетишлар сезилаётганди. Айниқса, ўша “Пахтакор”дан учралган мағлубиятдан кейин Кумиков шогирдлари ўзларига кела олишмаяпти. Шунинг учун мазкур учрашувга бўлган қизиқиш ниҳоятда баланд эди. Буни стадионни тўлдириб ўтирган мухлислардан ҳам билиш мумкин бўларди. Айниқса, “Нефтчи”нинг ОФК Кубоги ва мамлакат Кубогидаги ишончли ўйинлари руҳи чукиб бораётган фарғоналик футболчилар кўнглига умид учқинларини ёқди. Турнинг марказий учрашуви сифатида эътироф этилган ўйин кўтилганидек мезбонларнинг шиддатли ҳужумлари билан бошланди. Аммо тезкор гол киритиш мезбонларга насиб этмади. Шуни айтиш жоизки, Кумиков шогирдлари ҳам қараб турганлари йўқ. Меҳмонлар ҳам фурсат бўлди дегунча майдон эгалари дарвозаси томон хавф сола бошлашди. Айниқса, биринчи бўлимнинг ўзидаёқ майдонга Камол Мурзоевнинг тушиши Цой дарвозаси олдида бир нечта вазиятларни келтириб чиқарди. Аммо биринчи бўлимда ҳар иккалла томонга ҳам гол киритиш насиб этмади. Натижада жамоалар танаффусга нурсиз дуранг билан чиқиб кетишди. Иккинчи бўлим ҳам худди биринчиси каби майдон эгаларининг шиддатли ҳужумлари билан бошланди. Бутун эътиборни ҳужумга қаратиш эса тез орада ўз самарасини берди. Жарима майдончаси яқинида тўпни қабул қилиб олгган Санжар Асқаралиев бироз олдинга ташланиб дарвозабон учун кутилмаган зарбани ижро этди. Ушбу вазиятдан бироз бепрволикка берилган Наумов кучли зарбани нигоҳи билан кўзатиб қолишдан ўзга чора топа олмади-1:0. Ҳисоб очилганидан кейин ҳам фарғоналиклар ҳужум қилишда давом эттиришди. Ўз навбатида меҳмонлар ҳам мезбонларнинг ҳамласига кучли ҳужум билан жавоб қайтариб туришди. Айтиш жоизки, шу куни Юрий Цой анча ишончли ўйин намойиш қилди. Бир неча вазиятларда у жамоасини голдан сақлаб қолди. Худди шундай иборани “Насаф” дарвозабонига ҳам қулаш мумкин бўлар. Ўзбекистон терма жамоасига номзод саналган Наумов бир неча маротиба жамоасини муқаррар голлардан сақлаб қолди. Масалан: Мансур Саидовнинг яқин масофадан берган кучли зарбасини ҳам “Насаф” посбони бартараф этди. Ўйин якунланган сари мезбонларнинг ҳужуми кучайр меҳмонлар эса рақибни қарши ҳужумда жазолашга уринарди. Аммо кетма-кет қилинган ҳужумлари самарасиз якун топди. Натижада “Нефтчи” оғир ўйинда олтинга тенг уч очкони қўлга киритди. «Нефтчи»- «Насаф» 1:0 (0:0)
|