Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси (U-20) Германиядаги ўқув-машғулот йиғини доирасидаги ўзининг биринчи ўртоқлик учрашувини аввал режалаштирилганидек, 4 июн куни эмас, ойнинг 6-санасида ўтказадиган бўлди.
Ўйинни ўтказиш борасида барча масалалар муҳокама қилингач, иккала томон назорат баҳсини 2 кун кейин ўтказишга келишиб олишди. Табиийки, Германиядаги иккинчи ўйиннинг муддати ҳам бироз сурилди. У 8 июн куни бўлиб ўтади, яъни, Венесуэлага учиб кетишдан бир кун аввал. Маълумки, у ерда Аҳмад Убайдуллаев шогирдлари халқаро мусобақада иштирок этишади.
“Ёшлар” машғулот кунига икки махалдан ўтказилмоқда ва у ўз ичига техник ва жисмоний машқларни олади. Эътироф этиш керакки, машғулот жараёни жуда ҳам ҳам қизиқарли, фойдали бўлмоқда ва улар футболчиларнинг маҳоратини кўтаришга ёрдам бериши тайин. Ҳар бир машғулотда Аҳмад Убайдуллаев ва унинг ёрдамчиси Сергей Арсланов футболчилар икки таркибга – “қизиллар” ва “яшиллар”га бўлган ҳолда улар ўртасида ўзига хос турли мусобақалар ўтказишяпти. Энг асосийси, бундай машқлар пайтида ўйинчиларнинг руҳий ҳолати тобланади ва ҳамжихатлик ҳисси кучаяди.