Аввал хабар бериб ўтганимиздек, Япония терма жамоаси 2 июн куни Ўзбекистон пойтахтига етиб келди. Бош мураббий Такеши Окада шу куннинг ўзидаёқ машғулот ўтказишга қарор қилди.
Соат 18:30 га белгиланган машғулотга япониялик журналистлар ярим соат олдин ЖАР стадиони олдида шай эдилар. Машғулот жараёнини бевосита ёритиш ва кузатиш учун стадионга ташриф буюрган 50дан ортиқ қалам аҳви вакиллари бу пайтда шуғулланаётган “Бунёдкор” футболчиларининг ҳаракатларини диққат билан кузатиб боришди. Табиийки, бразилиялик Ривалдо уларнинг эътиборини ўзига жалб қилди.
Шундан сўнг, Япония терма жамоаси аъзолари ЖАР ўйингоҳининг машғулот ўтказиш стадионига ташриф буюришди. Одатдагидек, машғулот енгил югуриш билан бошланди. Эътиборлиси, бош мураббий ҳам футболчилардан қолишмаган ҳолда охиригача югурди ва машқларда ҳам иштирок этди. Машғулот жараёнида чамаси 1 ярим соат давом этди.